Спорт | 11:45 / 22.06.2016
4857
2 дақиқада ўқилади

Фотиҳ Терим: «Агар гуруҳдан чиқсак, Евро-2008даги натижани такрорлашимиз мумкин»

Туркия терма жамоаси бош мураббийи Фотиҳ Терим Чехия устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин фикрларини билдириб ўтди.

«Биз кеча жуда оғир вазиятда эдик. Бугун келажакка оптимистик назар билан қарамоқдамиз. Агар гуруҳдан чиқсак, Уэльс билан учрашамиз. Умид қиламизки, бу амалга ошади.

Мен аввалги турларда бир неча хатоларга йўл қўйдим. Бугун ўша учрашувлардан фарқли равишда жуда яхши ўйнадик. Ҳатто кўпроқ гол уриб,  плей-офф йўлланмасини кафолатлаб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Бизни кўп танқид қилишди, руҳан қийин аҳволга тушиб қолгандик. Чехларга қарши ўйинда характер намойиш этиб, ғалабага эришдик. Йигитлар кўрсатмаларни тўғри бажаришди.

Бир сонияга бўлса ҳам чехлар хорватларга қарши ўйинда 0:2 ҳисобини дурангга айлантира олишганини ёддан чиқармадик. Биз уларга ҳужум қилишга йўл бермадик. 3-4-3 схемаси бу ўйин учун жуда мос эди.

Мен кўрсатган ўйинимиздан қониқиш ҳосид қилдим. Агар йўлни давом эттирсак, Евро-2008 турниридаги натижани (ярим финал – таҳр) такрорлашимиз мумкин.

Баъзи муаммолар қолмоқда, лекин уларни бартараф этиш энди осонроқ. Бизга жамоавий руҳ қайтган. Лекин агар нимчорак финалга чиқа олмасак, бу жуда қайғули бўлади», – деган Фотиҳ Терим.

Туркия терма жамоаси D гуруҳида 3-ўринни эгаллади. Гуруҳларда 3-ўрин эгаларидан энг яхши натижаларга эга бўлган 4та жамоа кейинги босқичга ўтади. 3-турдан кейин В гуруҳидан Словакия 4 очко билан ва С гуруҳидан Шимолий Ирландия тўплар нисбати яхшилиги эвазига кейинги босқичга чиқиб бўлди. 

А гуруҳида 3-ўринни эгаллаган Албания ва D гуруҳида 3-ўринни эгаллаган Туркияда 3тадан очко бор. Албанияда тўплар нисбати (1-3), Туркияда (2-4).

Бугун Е ва F гуруҳларида 3-тур учрашувлари ўтказилади.

Манба: Tribuna.uz