Жаҳон | 19:07 / 22.06.2016
13576
2 дақиқада ўқилади

Хорижликлар учун дунёнинг энг қиммат шаҳри маълум қилинди

Mercer Human Resource консалтинг гуруҳи ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Ҳонконг шаҳри 2016 йилда чет элликлар учун энг қиммат шаҳар мақомига эга бўлган. Ўтган уч йил мобайнида, рўйхатни Ангола пойтахти Луанда бошқариб келган эди. Эндиликда, у мамлакат миллий валютасининг қадрсизланиши боис, иккинчи ўринни эгаллаган. 

Ангола пойтахти Луанда

Дунёнинг қиммат шаҳарлари рўйхатининг учинчи ва тўртинчи ўринларига тегишли равишда Цюрих ва Сингапур шаҳарлари муносиб кўрилган. Бешинчида Япония пойтахти Токио бўлса, рўйхатнинг топ-10лигига биринчи марта Конго демократик республикаси пойтахти Киншаса ҳам киритилган. Топ-10ликда шунингдек, Шанхай, Женева, Нжамена ва Пекин номларини ҳам кўриш мумкин. 

Хорижликлар истиқомат қилиши учун энг арзон шаҳар сифатида Намибия пойтахти Виндхук, Кейптаун ва Бишкек эътироф этилган.

Намибия пойтахти Виндхук

Таҳлилчиларнинг маълум қилишича, икки хонали люкс тоифасидаги жиҳозланмаган хонадонда бир ой истиқомат қилиш учун Луандада 6,7 минг, Лондонда камида 4,6 минг, Сиднейда 2,6 минг доллардан бироз кўпроққа айланади. 

Бунда, Ҳонконгдаги фаст-фуд ресторанида тушлик қилиш 4,83 доллар, Лондонда 6,43 доллар, Нью-Йоркда 7,82, Москвада эса — 3,03 долларга тушади.