Жаҳон | 11:10 / 22.06.2016
5611
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон бир вақтнинг ўзида орбитага 20 та сунъий йўлдошни муваффақиятли олиб чиқди

Ҳиндистоннинг фазовий тадқиқот ташкилоти (ISRO) бир вақтнинг ўзида рекорд даражада – 20 та сунъий йўлдошни Ерга яқин орбитага олиб чиқди. Бу ҳақда ISRO бошлиғи Киран Кумар хабар бермоқда.

“Биз ўз салоҳиятимизни намойиш этган ҳолда орбитага рекорд даражада кўп сунъий йўлдош олиб чиқдик. Бу 2008 йилги натижаларимизни янгилади. Ўшанда орбитага 10 та кичик сунъий йўлдош олиб чиқилган эди”, - деди у. 

ISRO маълумотларига кўра, PSLV ракета ташувчиси маҳаллий вақт билан 09:25 ( Тошкент вақти билан 08:55) да, Андхра-Прадеш штатининг Шрихарикота оролида, 1288 кг.ли юк билан ишга тушган. У 26 дақиқа ичида орбитага Ҳиндистоннинг 3 та, АҚШ, Индонезия, Канада ва Германиянинг жами 17 та сунъий йўлдошини олиб чиққан.

Энг йирик юкни Ҳиндистоннинг Cartosat-2 сериасига тааллуқли ва оғирлиги 725,5 кг бўлган сунъий йўлдош ташкил этди. Орбитага, шунингдек, Чиннаи университетига тааллуқли ва оғирлиги 1,5 кг бўлган Sathyabamasat сунъий йўлдоши ҳам олиб чиқилди. У ис газлари ҳақида маълумот йиғишга мўлжалланган. Бундан ташқари, Swayam сунъий йўлдоши олиб чиқилган бўлиб, унинг оғирлиги 1 кг.ни ташкил этади.