Ўзбекистон | 17:21 / 23.06.2016
6013
1 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов БМТ бош котиби ўринбосари билан учрашди

2016 йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Жеффри Фелтман билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Жеффри Фелтман Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлиси ишида қатнашиш учун Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида минтақавий масалаларга ҳамда Орол денгизи экологик фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича икки ва кўп томонлама дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер иштирок этди.