Жамият | 00:50 / 23.06.2016
4424
2 дақиқада ўқилади

АҚШда тиббий суғурталар билан боғлиқ фирибгарликлар миллиард долларга яқин пулнинг ўғриланишига олиб келди

АҚШда 2016 йилда тиббий суғурталар билан боғлиқ фирибгарликлар бюджетнинг 900 млн доллардан кўпроқ зиён кўришига олиб келди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазири Лоретта Линч матбуот-анжуманида маълум қилди.   

"2016 йилда ҳуқуқ-тартибот муассасаларининг тергов ҳаракатлари натижасида 301 кишига тиббий суғурталар билан фирибгарликлар бўйича айблов эълон қилинди, бу кишиларнинг ҳаракатлари бюджетнинг 900 млн доллардан кўпроқ зиён кўришига олиб келди", деб айтди Линч журналистларга. Таққослаш учун, 2015 йилда бундай қоидабузарликлар бўйича 243 кишини жавобгарликка тортишга муваффақ бўлинган, улар 712 млн долларнинг ўғриланишида айблангандилар. Линч ушбу йилдаги кўрсаткичларни рекорд даражадаги деб атади. 

450 млн долларга яқин пул уйда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида, 225 млн доллар фармацевтикада ўғриланган.

Жорий йилда айбланувчилар орасида шифохоналар тармоқларининг икки нафар эгаси ҳам бор, улар фирибгарликлар оқибатида 36 млн долларни ўзлаштириб олганлар. Уларнинг шифохоналари ночор гиёҳвандларга гиёҳванд модда бериш учун қалбаки ҳисоблар ёзиб берган. Ҳужжатларда эса қимматбаҳо тиббий хизматлар кўрсатилгани айтилган, аслида эса улар кўрсатилмаган.

2007 йилдан АҚШ ҳукумати тиббий фирибгарликка қарши курашни кучайтирди. Бу модда бўйича бир неча минг киши ҳибсга олинган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу одамлар давлатни тахминан 8 млрд долларга алдаган.