Фан-техника | 18:44 / 23.06.2016
14246
5 дақиқада ўқилади

Америка компанияси энг сифатли автомобиллар рўйхатини эълон қилди

Американинг J.D. Power and Associates компанияси, энг сифатли автомобиллар ишлаб чиқарувчи компанияларнинг йиллик рейтингини эълон қилди. 

Қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, рўйхатни Жанубий Кореянинг Kia компанияси бошқармоқда. У, ўтган 3 йил мобайнида етакчилик қилган Porscheни ортда қолдиришнинг уддасидан чиқа олган. 

Тадқиқот натижалари, 80 мингдан ортиқ америкалик янги машиналари эгалари орасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига асосланган. Улар, 8 туркумга бўлинган, автомобиль харид қилингандан сўнг, 90 кун мобайнида қайд этилган носозликларга оид 233 та саволга жавоб беришган. 

Шундан сўнг, сўров натижаларига кўра, у ёки бу моделнинг ҳар бир сотилган 100 дона машинасига тўғри келадиган ўртача носозликлар сони аниқланган. 

Kiaнинг ҳар бир 100та сотилган машинасига ўртача 83 камчилик тўғри келса, Porsche компанияси маҳсулотида бу рақам 84 тага тенг. 

Мутахассиларнинг қайд этишларича, оммавий бренд 27 йил ичида биринчи марта рўйхатинг биринчи ўрнига чиқа олган. Бундан аввал, фақат қиммат ва юқори таснифдаги автомобиллар энг сифатли ҳисобланиб келинарди. 

Рейтингнинг учинчи ўрнини Жанубий Кореянинг яна бир компанияси — Hyundai — 92 та носозлик билан эгаллаган. Япониянинг Toyotaси (93та носозлик) тўртинчи, Германиянинг BMW компанияси (94 та нуқсон) бешинчи ўринни эгаллаган. 

Рўйхатнинг қуйи қисмида эса Volvo, Fiat ва Smart машиналари жойлашди. Уларда кузатилган носозлик ва нуқсонлар сони тегишли равишда 152, 174 ва 216тани ташкил этган. 

           J.D. Power and Associates бўйича энг сифатли автомобиллар рейтинги

Маркаси  Ҳар 100та машинага тўғри келган нуқсон сони  Маркаси  Ҳар 100та машинага тўғри келган нуқсон сони

Kia  83  Jeep  113

Porsche  84  Ram  114

Hyundai  92  Chrysler  115

Toyota  93  Mitsubishi  116

BMW  94  Dodge  117

Chevrolet  95  Subaru  118

Buick  96  Honda  119

Lexus  96  Acura  122

Nissan  101  Scion  123

Ford  102  Jaguar  127

GMC  103  Mazda  127

Infiniti  103  MINI  127

Volkswagen  104  Land Rover  132

Audi  110  Volvo  152

Mercedes-Benz  111  Fiat  174

Cadillac  112  Smart  216

J.D. Power and Associates шунингдек, ҳар бир тоифадаги энг сифатли машиналар рўйхатини ҳам тузиб чиққан. Бу борада, General Motors ва Toyota компаниялари маҳсулотлари етакчилик қилди. Ушбу ишлаб чиқарувчиларнинг 7тадан модели рейтингдан жой эгаллашга муваффақ бўлган.

J.D. Power and Associates таснифи бўйича энг сифатли моделлар рўйхати

Тоифаси  Модели  Тоифаси  Модели

Шаҳар автомобили  Chevrolet Spark  Кичик йўлтанламас  Kia Sportage

Кичик автомобиль  Hyundai Accent  Кичик юқори тоифали йўлтанламас  Audi Q3

Кичик қиммат автомобиль  Lexus CT   Ихчам йўлтанламас  Chevrolet Equinox/GMC Terrain

Ихчам-автомобиль  Toyota Corolla  Ихчам қиммат йўлтанламас  Porsche Macan

Ихчам спорткар  Buick Cascada/Scion tC   Ихчам вэн  Kia Soul

Қиммат ихчам автомобиль  Lincoln MKZ  Ўрта ўлчамли йўлтанламас  Toyota Highlander

Қиммат ихчам спорткар  Audi TT   Қиммат йўлтанламас  BMW X5

Ўрта ўлчамли автомобиль  Toyota Camry  Ўрта ўлчамли ппикап  Nissan Frontier

Ўрта ўлчамли спорткар  Dodge Challenger  Минивэн  Chrysler Town & Country

Ўрта ўлчамли қиммат автомобиль  Lexus GS   Йирик йўлтанламас  Chevrolet Tahoe

Ўрта ўлчамли қиммат спорткар  Porsche 911  Йирик қиммат йўлтанламас   Lincoln Navigator

Йирик ўлчамли автомобиль  Hyundai Azera  Йирик пикап  Chevrolet Silverado LD

—    —  Йирик оғир пикап  Chevrolet Silverado HD

Тадқиқот Америка брендларидан фойдаланиш ўсганини кўрсатган. Рейтингнинг 30 йиллик тарихи давомида, Ford, GM ва Chrysler автомобилларининг ҳар 100тасига тўғри келган ўртача носозликлар бошқа компанияларнинг бу борадаги кўрсаткичидан паст бўлган. Сўнгги бир йилда Америка машиналари сифати 10 фоизга яхши томонга ўзгарган.