Андижонда матбуотчилар куни олдидан футбол турнири ташкил этилди
Маълумки, 27 июнь куни юртимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланади. Журналистлар ижодий уюшмаси Андижон вилоят бўлими сана олдидан ҳудудда фаолият юритувчи соҳа ходимлари ўртасида мини-футбол мусобақаси ташкил этди. Турнирда “Андижоннома” газетаси, “Андижон нашриёт- матбаа”, “Андижон матбуот тарқатувчи” жамиятлари, вилоят телевидениеси, “Тараққиёт” ва “Водий садоси” телеканаллари жамоалари иштирок этдилар.
Дўстона кайфиятда ўтган учрашувларда ижод аҳли ва матбаачилар майдонда ҳам кўп нарсага қодир эканлигини намойиш этиб беришди. Айниқса, барча касбдошларини мағлуб этиб финал йўлланмасини қўлга киритган вилоят телевидениеси ва “Тараққиёт” телеканаллари ўйинлари барчага манзур бўлди.
- “Соғ танда – соғлом ақл” - ўша маълум ва машҳур ҳалқ мақоли бежиз айтилмаган, – дейди вилоят журналистлар ижодий уюшмаси раҳбари, фаҳрий журналист Назиржон Саидов. Ҳар қандай инсоннинг танаси соғ бўлса, руҳияти соғлом, ишида унум бўлади. Анъанага содиқ қолиб, касб байрамимиз олдидан спортнинг теннис ва футбол турлари бўйича мусобақалар уюштирдик. Якунига етган тадбирда ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этиладиган тантанада тақдирланадилар.
Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон