Ўзбекистон | 20:55 / 23.06.2016
11604
2 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Ҳакимов: Эроннинг ШҲТга қўшилиши бўйича келишув йўқ, бироқ жараён кетмоқда

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари (Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) ҳозирча Эроннинг ташкилотга қўшилиши муддатлари бўйича келишувга келмадилар, бироқ бунга қатъий тўсиқлар йўқ. Бу ҳақда Россия президентининг ШҲТдаги махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов ШҲТ саммити майдонларида айтиб ўтди.

Унинг айтишича, Уфадаги аввалги саммитда ташкилотга кириш учун 2008 йилдаёқ ариза топширган Эроннинг номзоди кўрилмаган эди, чунки ўшанда мамлакат ҳали БМТ санкциялари остида бўлган. Бугунги кунда бу чекловлар бекор қилиниб, "Россия Эроннинг ШҲТга қабул қилиниши жараёнини чўзиб ўтирмасдан бошлаш фойдасига" фикр билдирмоқда. 

"Бу гал ҳамкасблар билан келишишга муваффақ бўлинмади, бироқ иш кетмоқда", деб айтди Ҳакимов ва ШҲТнинг барча қарорлари консенсус билан қабул қилинишини эслатиб ўтди. "Принципиал жиҳатдан қаршиликлар йўқ, бироқ бу жараённи қачон бошлаш бўйича техник муаммо мавжуд", деб қўшимча қилди Ҳакимов. У ШҲТнинг у ёки бу  иштирокчилари томонидан қандай эътирозлар ҳақида гап кетаётганини ошкор қилмади, бироқ барча олти давлатда Эроннинг аъзоликка қабул қилиниши бўйича қаршиликлар охир-оқибат бартараф этилиши бўйича тушунча борлигини таъкидлаб ўтди. 

ШҲТнинг ишида 6 та кузатувчи давлат: Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Афғонистон ва Беларусь ва мулоқот бўйича 6 та ҳамкор: Шри-Ланка, Туркия, Озарбайжон, Афғонистон, Камбожа ва Непал ҳам иштирок этиб келади.