Жаҳон | 09:00 / 23.06.2016
8751
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған вакили: уриб туширилган Су-24 самолёти учун узр сўраш ёки товон тўлаш муҳокама қилинмайди

Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Қалин Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилиши учун узр сўралиши ёки товон тўланиши мумкинлигини истесно қилди. У бу ҳақда HaberTurk телеканали эфирида айтди. 

"Узр сўраш ёки товон тўлаш масаласи муҳокама қилинмайди. Бундан ташқари, биз бўлиб ўтган воқеадан қайғудалигимизни айтганмиз. Бизнинг фикримиз бошидан равшан бўлган. Ҳа, бизнинг ҳаво ҳудудимизни бузган самолёт уриб туширилган", деб айтди Қалин.

"Бу биз учун жуда қайғули воқеадир, бироқ ечим йўлларини излаш керак. Бу борада фикримизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ", деб давом эттирди Қалин ва "ҳозирча барчаси эртага изига тушиб кетиши ҳақида айтишга эрталик қилишини" таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Россия билан ижобий алоқалар ўрнатишга умид бор, "бироқ бунгача ҳали кўп иш қилиш керак бўлади".

Қалин, шунингдек, Эрдўған томонидан Россия президенти Владимир Путинга Россия куни муносабати билан йўлланган хатга ҳам тўхталиб ўтди. "Президент ҳеч шак-шубҳасиз, давлатлараро анъанага кўра, Россиянинг миллий байрами муносабати билан мактуб йўллади. Мактуб матнида муносабатларни улар муносиб бўлган даражада тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлар бўлган. Фикримча, умуман олганда Россияда бу ижобий қабул қилинган", деб айтди Қалин.  

Қалиннинг фикрича, "Туркиянинг чегараларни муҳофаза қилиш масалаларида нозиклигини ҳисобга олган ҳолда, муносабатларни тартибга солиш учун умумий йўлни топишга имконият бор".