Хитой "Ипак йўли"га 15 млрд доллар сармоя киритмоқчи
Хитой фирмалари "Ипак йўлининг иқтисодий белбоғи"га 15 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳа, Узоқ Шарқ, Марказий Осиё ва Европани туташтириши керак. Бу ҳақда, ХХР раиси Си Цзиньпин баёнот берди, деб хабар қилмоқда The South China Morning Post.
Хитой етакчиси, Ўзбекистон парламенти депутатлари олдида қилган чиқишида, «Ягона белбоғ, ягона йўл» лойиҳаси доирасида минтақа келажагига оид қарашларини билдирган. Си Цзиньпин шунингдек, минтақа темирйўл транспорти ва энергияни тежаш соҳаларига йирик миқдорда хитой сармояларини ваъда қилган.
Хитой етакчиси Ўзбекистонга Сербия ва Польшага уюштирган сафаридан сўнг ташриф буюрди. Расмий Пекин ушбу давлатларни «Ипак йўли»нинг муҳим иштирокчилари деб ҳисоблайди.
Марказий, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари бўйлаб транспорт, энергетика ва савдо йўлагини барпо этиш ғояси 2013 йил сентябрида Си Цзиньпиннинг Қозоғистонга ташрифи чоғида билдирилган эди. Мазкур лойиҳада 70та давлат ва халқаро ташкилотлар қатнашмоқда.