Хитойда заҳарли югуриш йўлаклари ишлаб чиққан заводлар ёпилди
Хитой ҳукумати, мактаблар учун югуриш йўлакларини ишлаб чиқишда таркибида заҳарли моддалар бўлган саноат чиқиндиларидан фойдаланган 9та завод фаолиятини тўхтатди, деб хабар қилмоқда Хитой ОАВ.
CCTV телеканали ўтказган суриштирувларга кўра, Хэбэй провинциясидаги заводлар асосан Хитой мактабларида қўлланиладиган резинали кўча югуриш йўлакларини ишлаб чиқишда саноат чиқиндиларидан фойдаланган. Чиқиндилар таркибида эса, инсон саломатлиги учун зарарли моддалар ва оғир металлар бўлган.
Global Times газетасининг ёзишича, Цанчжоу шаҳри ҳукумати 9та заводни ёпиб, уларнинг раҳбариятини ҳибсга олган. Бундан аввал, Хэбэй провинцияси ва Пекин шаҳридаги ота-оналар, янги резина югуриш йўлакларининг ўткир ҳиди мактаб ўқувчиларининг бурни қонаши, бош оғриғи ва аллергиясига сабаб бўлаётганидан арз қилишган эди.
Таълим вазирлиги эса, мактаб маъмуриятларидан, давлат хавфсизлик меъёрларига мос келмайдиган барча резина югуриш йўлакларини кўчиришни талаб қилган.