Ўзбекистон | 16:01 / 23.06.2016
21149
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов Тожикистон раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримов 23 июнь куни Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган Тожикистон республикаси президенти Эмомали Раҳмон билан учрашув ўтказди. 

Эмомали Раҳмон билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларини азалий дўстлик ва қўшничилик ришталари, маданият ва анъаналар уйғунлиги боғлаб туриши таъкидланди. 

Бугунги кунда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб, ўзаро савдо айланмаси муттасил ўсиб бормоқда. 2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 17,6 фоиз ошди. 

Учрашувда икки мамлакатда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. 

Эмомали Раҳмон Тожикистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлашини, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлганини таъкидлади. У мазмунли учрашув учун Ўзбекистон президентига самимий миннатдорлик билдирди.