Петербургдаги Қодиров номидаги кўприк «қайта номланди»
«Солидарность» ҳаракати аъзолари 23 июнга ўтар кечаси Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Қодиров (1951 — 2004) шарафига номланган Санкт-Петербургдаги кўприкка бошқа ном қўйиб кетишди. «Фонтанка.ру» маълумотига кўра, кўприкка кираверишда «Мост снайпера Идрисова» номи битилган тахтачани ўрнатишган.
Ҳаракат аъзоларининг фикрича, Санкт-Петербургдаги кўприк ва кўчалар халқ қаҳрамонлари шарафига номланиши керак.
Чеченистонлик жангчи Абуҳожи Идрисов Иккинчи жаҳон уруши даврида Ленинград ҳимоясида иштирок этган ва 125-ўқчи дивизия таркибида 1944 йили Красное Селони озод қилишда қатнашган.
Қайд этилишича, мерган Идрисов 200 нафардан ортиқ нацистни йўқ қилган ва Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони билан тақдирланган.
Бундан олдинроқ, 18 июнь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида номаълум шахслар Дудергоф каналидан ўтган Аҳмад Қодиров номидаги кўприкка унинг Биринчи чечен уруши давридаги русларни ўлдиришга даъват этилган иқтибосини осиб кетганди.
17 июнь куни Санкт-Петербургнинг Қонун чиқарувчи мажлиси биноси ёнида кўприкка Аҳмад Қодиров номи берилиши юзасидан акция бўлиб ўтган, намойишчилар бунга норозилик билдирган эди.