Путин Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қўшилиши борасида фикрларини билдирди
Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, Ҳиндистон ва Покистон давлатларининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлиши, бирлашмани минтақадаги янада қудратли, обрўли ва таъсирли ташкилотга айлантиради.
РФ давлат раҳбари Хитойга сафари олдидан "Синьхуа" ахборот агентлигига берган интервьюсида ШҲТ фаолиятига, унинг кенгайишига оид қарашларини билдирган.
Путиннинг ёдга олишича, ушбу икки давлатни ташкилотга қабул қилиш қарори 2015 йили Уфада бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган. "Тошкент анжуманида бу қарор янада мустаҳкамланади, бошқа мамлакатларнинг ҳам аъзо бўлиш истаги муҳокама этилади", - деган Россия етакчиси.
"Халқаро майдондаги вазият мураккаб ва кўпқирралидир. Ва бизнинг ташкилотга, у ёки бу халқаро муаммоларга нисбатан турли қарашлар ва ечимларга эга давлатларнинг аъзо бўлиши, айни масалаларга барҳам бермаса-да, уларни ҳал этиш учун ўзига хос шароит яратади, - дея ишонч билдирган давлат раҳбари. -Биз шунга умид қилмоқдамиз".