Қозоғистон 1 июлдан Украина маҳсулотларини Россия орқали олиб кирмайди
Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт вазирлиги, Украина ҳудудидан маҳсулотлар етказувчи юк ташувчиларга ўз тавсиясини эълон қилди. Унга кўра, улар шу йилнинг 1 июлидан бошлаб, юкларни Россия орқали олиб ўтмасликлари лозим.
"Қозоғистон республикаси тараққиёт вазирлиги, Украинадан Қозоғистонга халқаро юк ташувларини амалга оширувчиларга мурожаат қилиб, юкларни икки йўналишдан бири орқали етказишни тавсия қилади: Грузия, Озарбайжон ва Каспий денгизи орқали Оқтов портига ёки Туркия, Эрон, Туркманистон ва Ўзбекистон орқали Қозоғистонга", -дейилади вазирлик хабарида.
РФ президенти Владимир Путин 2016 йил 1 январидан Украинага нисбатан эркин савдо шартномаси бекор қилиниши муносабати билан, Украинадан Қозоғистонга юкларнинг Россия орқали олиб ўтилишида, РФ иқтисодий хавфсизлиги ва миллий манфаатларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.
Унга кўра, жорий йил 1 июлига қадар, бу каби юк ташишлар фақатгина Белоруссия орқали амалга оширилиши мумкин эди.