Жаҳон | 21:34 / 24.06.2016
4928
1 дақиқада ўқилади

NASA Hubble телескопининг ишини яна 5 йилга узайтирди

АҚШнинг NASA коинот агентлиги Hubble коинот телескопининг ишини яна 5 йилга узайтирди. Бу ҳақда NASA матбуот хизмати маълум қилди. Агентлик университетлар уюшмасига кузатувларни қўллаб-қувватлаш учун астрономик тадқиқотларга 196,3 млн доллар ажратди. 

Узайтириладиган давр 1 июлда бошланиб, 2021 йил 30 июнда тугайди. Шартнома Коинот телескопи институти доирасида илмий дастурларни давом эттириш, грантлар бериш, маълумотларни архивлашни қўллаб-қувватлашни кўзда тутади. 

Тарихдаги энг катта орбитал телескоп 1990 йилда кўп маротабалик шаттл кемаси ёрдамида коинотга чиқарилган. Ўшандан бери телескопга уни таъмирлаш учун бир неча маротаба бошқарилувчи экспедициялар жўнатилган. Телескопни таъмирлаш учун шаттлнинг бундай миссияларидан бири 2009 йилда бўлиб ўтган.

Телескоп ойнаси диаметри 2,4 метрга, телескопнинг узунлиги 13,3 метрга тенг. Телескоп орбитада 26 йиллик фаолияти давомида кўплаб астрономик кашфиётлар қилган, шу жумладан галактикалар марказларида ўта оғир қора туйнуклар мавжудлиги гипотезасини тасдиқлаган Хаббл доимийси қийматини аниқлаштирди.