Жаҳон | 19:28 / 24.06.2016
8292
2 дақиқада ўқилади

Олимлар: Марс сайёрасида инсон учун хавфсиз сабзавот ва дон маҳсулотлари етиштириш мумкин

Ҳолландиянинг Вагенинген университети олимлари Марс сайёраси юзасида инсон учун хавфсиз редиска, нўхат, жавдар ва помидорлар етиштириш мумкинлигини исботлашди. Бу ҳақида The Guardian газетаси хабар қилди. 

Тадқиқот учун олимлар NASA'да ишлаб чиқилган Марс сатҳига монанд тупроқдан фойдаланишди. Мутахассислар 2013 йилдан бери унда сабзавот ва дон маҳсулотларининг ўн хилини муваффақиятли равишда етиштиришди. Сўнгги синов натижаларига кўра, редиска, нўхат, жавдар ва помидорлар таркибида инсон соғлиғи учун хавфли миқдорда оғир металлар йўқ. Қолган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан картошка устида улардаги кадмий, мис ва қўрғошин миқдори инсон ҳаётига хавф солмаслигини исботлаш учун қўшимча тадқиқот олиб бориш зарур. 

"Бу натижалар кўп нарсани ваъда қилади. Биза ҳақиқатдан ҳам Марсда етиштирилган редиска, нўхат, жавдар ва помидорларни истеъмол қилишимиз мумкин", - дейди лойиҳа иштирокчиси эколог Вегер Вамелинк. 

Мутахассисларнинг фикрича, Марсга амалга ошириладиган парвозлар яқин ўн йил ичида ҳақиқатга айланади. Олимлар у ерга отланувчилар илк озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлари билан олишлари кераклиги, лекин кейинчалик кун кўриш учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини мустақил равишда етиштиришга тўғри келишини таъкидлашди. 

"Шу боис ҳозир иложи борича кўпроқ тажриба ўтказиш муҳим", - дейди Вамелинк.