Олтинкўл туманида "Камолот" ЁИҲнинг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди
Тумандаги муҳташам маданият уйи биноси шу куни ватанпарвар, қалби қайноқ, илмли ва шу кун нафаси билан яшаётган ёшлар билан гавжум бўлди. Санъат кошонаси фойесида ёш иқтидор эгалари ижод маҳсулларидан ташкил этилган кўргазма тадбирга байрамона кайфият берди.
Анжуман давомида делегатлар Ҳаракатнинг туман Кенгаши томонидан 2,5 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингладилар. Мазкур вақт оралиғида олиб борилган ишлар видеоролик сифатида ҳам йиғилганларга намойиш этиб берилди. Шундан сўнг сўз олган “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши раиси Элёрбек Абдуқодиров тумандаги ёшлар ташкилотининг фаолиятига ижобий баҳо бериб ўтди. Конференцияда туман Кенгаши раислигига номзод Гулноза Сатимова делегатлар томонидан бир овоздан лавозимга сайланди.
Машварат якунида “Камолот” ЁИҲ фаолиятини олиб боришда доимий амалий ёрдам кўрсатиб келаётган ҳамкор ташкилотларга туман Кенгашининг ташаккурномалари топширилди.
Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон