Шимолий ирландияликлар ва шотландлар Британиянинг ЕИда қолиши учун овоз берган
Буюк Британияда мамлакатнинг Евроиттифоқ таркибидан чиқиши бўйича ўтказилган референдумдан кейин бюллетенларни ҳисоблаб чиқиш натижалари шуни кўрсатдики, Шимолий Ирландия ва Шотландия аҳолиси и Буюк Британиянинг Евроиттифоқ таркибида қолиши учун овоз берган. Уэльсликлар ва Англия аҳолисини катта қисми эса Евроиттифоқдан чиқишни ёқлаган. Бу ҳақда Sky News хабар тарқатган.
Шимолий Ирландияда овоз бериш натижалари ҳисоблаб чиқилгач, Буюк Британиянинг ушбу қисмидаги барча сайлов округлари Евроиттифоққа аъзоликни сақлаб қолишни ёқлаб овоз бергани маълум бўлди. Аммо ҳудуд икки қисмга бўлинди. Ирландия республикаси билан чегарадош бўлган жанубий қисм Буюк Британия Евроиттифоққа аъзоликни сақлаб қолиши учун овоз берди, унионистлар позицияси кучли бўлган шимолий қисм эса Brexit’ни ёқлаб чиқди.
Қайд этилишича, шимолий ирландияликларнинг 790 минг нафари референдумда иштирок этган. Уларнинг 55,8 фоизлик қисми "Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этиши керакми?" саволига "Йўқ" жавобини берган.
Шотландияда ҳам сайловчиларнинг кўпчилиги Brexit’га қарши овоз берди. Эдинбургда Brexit’га қарши сайловчиларнинг 74,4 фоизи, Глазгода — 66,6 фоизи, Абердинда — 61,1 фоизи овоз берди. Шотландияда жами 1,66 миллион киши Евроиттифоқни ёқлаб, 1,01 миллиони эса қарши овоз берди.
Бундан олдинроқ, овозларнинг кўпчилиги ҳисоблаб чиқилгач, Brexit тарафдорлари 51,8 фоиз овоз тўплагани хабар қилинганди.