Туркманистон ва Афғонистон етакчилари Тошкентда ТАПҲ газ қувури қурилиши бўйича лойиҳани муҳокама қилишди
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзой Тошкентдаги учрашувда Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури қурилиши лойиҳасини муҳокама қилишди, деб хабар берди Туркманистон нефть-газ вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистонга Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг икки кунлик саммитига келган Туркманистон ва Афғонистон етакчилари 15 июнда 6-йиғилиши Кобулда бўлиб ўтган икки томонлама ҳукуматлараро комиссия ишини қайд қилиб ўтишди. Бу йиғилишда ТАПҲ лойиҳасида ишловчи афғонистонлик мутахассисларнинг Туркманистондаги Халқаро нефть ва газ унирверситетида техник тайёргарликдан ўтиши муҳокама қилинганди.
Туркманистоннинг энг йирик газ кони – Галкинишдан бошланадиган ТАПҲ газ қувурининг умумий узунлиги 1814 км ни ташкил қилади. Газ қувури Афғонистоннинг Ҳирот ва Қандахор, Покистоннинг Кветта ва Мултан шаҳарларидан ўтиб, Покистон-Ҳиндистон чегарасидаги Фазилка аҳоли пунктигача етади. Газ қувурининг қуввати йилига 33 млрд куб метр табиий газни ташкил қилади.
Туркманистон президенти 2015 йилда газ қувури қурилиши бошланишининг тантанали маросимида ТАПҲ 2019 йил декабрига қуриб битирилиши ва фойдаланишга тайёр бўлишини айтганди.