Жамият | 12:41 / 25.06.2016
7246
3 дақиқада ўқилади

Аёлнинг тилла занжирини юлиб олиб қочган эркак тезкор ходимлар томонидан ушланди

Шаҳло (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳар доимгидек эрта туриб, оила аъзолари учун нонушта тайёрлади, ул бул юмушларни бажарди. Унинг тушига дугонаси Фариза кириб, дугонасини кўриб келиш учун унинг уйига йўл олди. Дугонасининг аҳволи яхшилигини билган Шаҳло кўнгли тинчигандек бўлди. Бир оз чақчақлашиб ўтиришгач, уйига қайтишга тараддудланди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда. 

Икки дугонанинг бир биридан ажралишлари қийин бўлди. Ана кетаман мана кетаман дегунча яна икки соат вақт ўтди. Сўнг Шаҳло “Дамас” русумли автомашинага йўловчи сифатида ўтириб, Сергели туман, Чоштепа кўчасининг Тошкент ҳалқа автомобиль йўли кўчаси устидан ўтувчи кўприк устида тушиб қолди. Бу пайт тахминан соат 19:30 лар атрофи эди.

У ердан Тошкент ҳалқа автомобиль йўли томонга йўл ёқалаб кетаётган вақтида, унинг олдидан номаълум бир шахс келаётган эди. Шаҳло аввалига унга беэътибор қараб кета бошлади. Лекин эркак унга яқинлашган сайин Шаҳлонинг кўнглида ваҳима уйғонди. Бу ғулғула янада кучайди. Эркак киши забт билан Шаҳлонинг бўйнида бўлган тилла занжир ва занжирга осилган тилла узукни юлиб, олиб қочиб кетди.

Шаҳло “Мол аччиғи-жон аччиғи” деганларидек, йигитнинг ортидан қувлаб, шу яқин орадаги кўприкнинг юқори қисмигача етиб боради. Бироқ тилла буюмларни ўғирлаган кимса ғойиб бўлган эди. Кўприк устида одамлардан ёрдам сўраш учун турганида қора рангли “Ласетти” русумли автомашинаси ўтиб қолади Уни тўхтатади ва автомашина ичида бўлган икки нафар кишидан ёрдам сўрайди. Улардан бири ички ишлар идоралари ходими экан. Ходим зудлик билан тилла буюмларни олиб қочган йигитнинг ортидан қувиб етиб, ушлаб олади ва “Эркин” блок постидан ёрдам кучларини чақиртиради. Орадан кўп вақт ўтмай, етиб келган ички ишлар идоралари ходимлари аёлнинг тилла буюмларини ўзиники қилиб олмоқчи бўлган кимсанинг қўлларига кишан тақиб, Сергели туман ИИБга олиб келади.

Мазкур жиноят иши юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилиши натижасида гумондорнинг исми-шарифи Равшан Сотимов эканлиги маълум бўлди. Унинг ёнидан Шаҳло Ўроқовага тегишли тилла занжир чиқади, аммо тилла узук йўқ эди. Равшаннинг ёнидан тилла занжирга осилган тилла узук чиқмаганини, Шаҳло қувлаганда қочаётган вақтида тушиб қолган бўлиши мукинлигини айтади.

Одил суд унинг айблилик масаласини ҳал этди ва тегишли жазо тайинлади.