Жаҳон | 12:49 / 25.06.2016
4503
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг собиқ молия вазири республикачиларни Клинтонга овоз беришга чақирди

АҚШнинг собиқ молия вазири ҳамда молиявий конгломерат Goldman Sachs собиқ раҳбари Ҳенри Полсон, мамлакатнинг Республикачилар партиясига мурожаат қилиб, партиянинг эҳтимолий номзоди Дональд Трампга овоз бермасликка чақирди. 

У, ўзининг The Washington Post газетасида эълон қилган мақоласида ёзишича, республикачилар икки йўл чорраҳасида турибди. Чунки, Трамп буюк партияни популизм томон етакламоқда. 

«Буларнинг бари, республикачи сифатида мени ташвишга солади. Аммо, америкалик сифатида янада кўпроқ хавотирдаман. Ахир, ҳар бир нарсанинг чегараси бор. Шундай экан, мамлакатни партия қаршисига қўйиб, биргаликда: «Трампга йўқ» дея бақириш вақти келди, — давом этган Полсон.

Полсоннинг қайд этишича, у Трампга қарши чиқаётган биринчи республикачи эмас. 

«Агар иш президентлик сайловигача боргудек бўлса, мен Ҳиллари Клинтон учун овоз бераман. Ўйлайманки, у иқтисодиёт ва мамлакатнинг дунёдаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида америкаликларни бирлаштира олади. Республикачиларга келадиган бўлсак, аниқ биламан ягона эмасман», — дея хулоса қилган собиқ молия вазири. 

Барак Обаманинг президентлик сайловларида республикачилар партиясидан рақиби бўлган Митт Ромни ҳам Трампни ирқчилик қарашлари сабаб қўллаб-қувватламаслигини билдирган эди.

 

Фото:Google image