Жаҳон | 19:20 / 25.06.2016
33165
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов дунёдаги энг катта яхта эгасига айланди

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов дунёдаги энг катта яхта эгаси бўлди. Мутахассислар унинг нархини 600 млн долларга баҳолашмоқда. 

Lurssen немис верфи Усмоновнинг янги, Dilbar деб номланган 156 метрлик суперяхтасининг умумий сиғимдорлиги 15917 тоннани ташкил қилишини тасдиқлади. Бу ҳақда Yacht Harbour хабар бермоқда. 

Шу тариқа, Dilbar айни вақтда дунёдаги энг шинам, кенг хусусий яхта бўлмоқда.

Бу борада 2- ва 3-ўринни, мос равишда, Уммон султонига тегишли Al Said (15850 тонна) ва Абу-Даби амирига тегишли Azzam (13136 тонна) яхталари эгалламоқда. Уларнинг барчаси Lurssen верфида қурилган. 

Усмоновнинг онаси исмига атаб қўйилган яхта унга соатига 42 км тезлик билан ҳаракатлана олишга имкон берадиган дизель-электр куч қурилмаси билан жиҳозланган.

Яхта корпуси пўлатдан, устқурмалари алюминийдан ишланган, ички хоналар умумий майдони 3800 квадрат метрни ташкил қилади.

Таъкидланишича, кема ичида ишлатилган электр симнинг узунлиги 1100 км ни ташкил қилади. Яхта нархи ошкор қилинмаган, бироқ мутахассислар уни 600 млн долларга яқин баҳолашмоқда. 

Денгиз атамасида умумий сиғимдорлик махсус ўлчаш қоидаларига кўра аниқланадиган кема хоналари ҳажми ҳисобланади. Бунда юқори палуба, устқурмалар ва рубкалардаги барча хоналар, ёқилғи ва балласт цистерналар ҳажми ҳисобга олинади.

Усмонов Dilbar яхтасидан ташқари, 110 метрли Ona суперяхтасига ҳам эга.

Lurssen Werft Германиянинг Бремен шаҳрида жойлашган кемасозлик компанияси ҳисобланади. 1875 йилда ташкил топган, суперяхталар, ҳарбий кема ва махсус вазифаларни бажарувчи кемаларни қуришга ихтисослашган.