Андижонда кезаётган Рамазон файзи
Юртимизда ажиб файз, бетакрор шукуҳ ила Рамазон ойи меҳмон бўлиб турибди. Мана шу баракотли 30 кун давомида инсонлар кўнглида ўзгача меҳр-мурувват, шукроналик ва ҳалимликни сезамиз.
Айниқса, Юртбошимиз томонидан муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида қабул қилинган Қарор ўлкамиз мусулмонлари қалбини мислсиз ифтихорга тўлдирди. Азалдан ўзи шундай, ўзбек миллати қадим-қадимдан бир ишни бошласа, алоҳида тадорик билан бошлайди. Муборак ой бошланиши олдидан шаҳар, туман марказлари, маҳаллаларнинг гузару-кўчалари, қабристонларда оммавий ҳашарлар ўтказилиб, ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
Водийнинг гавҳар гўшаси бўлган Андижоннинг файзли масжидларидаги ҳар оқшом ўқилган таровеҳ номозларида бўлганимизда, инсонлар юз-кўзида бугунги кундан беадад шукроналик ҳиссини туйдик. Кеча оқшом вилоятдаги мавжуд 159 та расмий масжидда Қуръон хатмоналари якунига етказилди.
- Нуроний оқсоқоллар Яратгандан Мустақиллигимизнинг абадий бўлиши, эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, сўраб дуолар қилдилар, - дейди Олтинкўл туман бош имом хатиби Муҳаммдюсуф Тўрақулов.
Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон