Жамият | 13:05 / 25.06.2016
5544
5 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандфурушлар занжирининг “ҳалқалари” ашёвий далил устида ушланди

1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, тўрт нафар фарзанднинг отаси Исмат Раупов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳаётнинг паст-баландини тушунган, боз устига панжара орти ҳаётини кўриб қайтган бўлишига қарамай, фарзандлари учун ижобий ўрнак бўла олмади. У “оқ ажал”нинг савдоси билан шуғуллана бошлади. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

2015 йилнинг сентябрь ойида И.Раупов таниши Акромдан 1500000 сўм эвазига тахминан 30 грамм опий гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиб олади. Сўнг опийнинг бир қисмини истеъмол қилиб, қолган қисмини эса ўзида сақлаб қўяди. Муқаддам бир неча марта судланиб чиққан, 1977 йилда туғилган Фарруҳ Наримонов бўлса, Яшнобод тумани, Ховост кўчасида Баҳром Мирзаев билан учрашади. У билан олдиндан тил бириктириб, опий гиёҳвандлик воситасини сотиб олиши учун Баҳромга 1440000 сўм пулни тақдим этади.

Баҳром эса, ўз навбатида, 2015 йил 27 сентябрь куни Яшнабод тумани Иззат ва М.Арафий кўчалари кесишмасида Зокир Саидов билан учрашиб ўзаро жиноий тил бириктиради. У ҳам гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида Фарруҳдан опий учун олган 1440000 сўм пулдан 1000000 сўмини Зокирга опий гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун беради.

Шундан сўнг, Зокир ўзининг таниши Шерзод Алиев билан учрашиб, Баҳромдан гиёҳвандлик воситаси учун олган пулдан 1000000 сўмини унга опий сотиб олиши учун беради. Ўз навбатида, Шерзод шу куни Илҳом Тожиев билан кўришиб, Зокирдан олган 1000000 сўм пулдан 700000 сўмини унга опий гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун тақдим этади. Қолган 300000 сўм пул маблағлари Исмат билан хизмат ҳақлари эвазига ўзоро бўлишиб олинади.

Ундан кейин, Исмат ўзининг қариндоши бўлмиш Абдулла Хасанов билан учрашиб, ундан опий гиёҳвандлик воситасини топиб беришни илтимос қилиб, унга Шерзоддан олган 700000 сўмни бериб юборади.

Ўз навбатида, Абдулла ҳам ўзининг қариндоши Илҳомнинг илтимосига кўра, опий гиёҳвандлик воситаси топиб беришини илтимос қилиб, ўз таниши Исмат билан кўришади ва унга Илҳомдан  гиёҳвандлик воситаси сотиб олиш учун олган 700000 сўм пулни беради. Исмат Абдуллага бир дона полиэтилен пакетга қадоқланган 4,53 грамм опий гиёҳвандлик воситасини 600000 сўм эвазига сотиб, қолган 100000 сўм пулни қайтаради. Сўнгра Абдулла шу куни Илҳом билан Шайхонтоҳур туманида жойлашган 1-сонли шаҳар касалхонасида учрашиб, у олдиндан берган пули эвазига Исматдан сотиб олган 4,53 грамм опий гиёҳвандлик воситасини Илҳомга ўтказади.

Илҳом шу куннинг ўзидаёқ соат 20:30 ларда Яшнабод тумани М.Раёзий мавзесида Шерзод билан кўришиб, унга опийни илгари олган пул эвазига сотиб юборади. Ўз навбатида, Шерзод шу куни соат 20:45 ларда Яшнабод тумани Иззат ва М.Ашрафий кўчалари кесишган чорраҳа яқинида Зокир билан учрашиб, унга қадоқланган опийни сотади. Шундан сўнг, Зокир шу кун соат 21:00 ларда Баҳромга опийни бериб юборади. Баҳром ҳам, ўз навбатида, соат 22:00 ларда тумандаги Алимкент кўчасида жойлашган бир дўкон олдида Фарруҳга опийни сотади.

Фарруҳ эса 1 октябрь куни соат 15:30 ларда Чилонзор тумани 16-мавзесида жойлашган уйлар олдида “Ласетти” русумли автомашинасида келиб, Баҳромдан сотиб олган бир дона полиэтилен пакетга ўралган опий гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи бўлган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланди. У ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда жиноий мақсадини охирига етказа олмай, жиноий жавобгарликка тортилишдан қутулиш мақсадида гиёҳвандлик воситасини ерга ташлаб юбориб, воқеа жойидан яширинишга улгурди. Холислар иштирокида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди. Судга оид кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, Ф.Наримоновдан олинган модда таркибида морфин, кодеин, тебаин мавжуд бўлиб, бу модда опий деб аталиши ва унинг оғирлиги 4,53 граммга тенглиги аниқланди.  2015 йилнинг 15 октябр куни соат 18:40 ларда гиёҳвандлик воситалари билан ноқонуний муомала қилиш билан шуғулланувчи шахсларни аниқлашга қаратилган тезкор тадбир жараёнида, Учтепа тумани 21-мавзедаги уй олида И.Раупов ушланди. Холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида, унинг эгнидаги спорт костюмининг ўнг томон чўнтагидан “Кент” русумли сигарет қутиси аниқланди. У кўздан кечирилганда,  ичида бир дона полиэтилен пакетга ўралган, жигарранг, ўткир ҳидли модда борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Судга оид кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, И.Рауповдан олинган модда опий деб аталиши ва унинг оғирлиги 0,31 граммга тенглиги аниқланди.

Шу тариқа бу гиёҳвандлик занжирининг кейинги фаолиятига чек қўйилди. Бу занжир ҳалқаларнинг барчаси қилмишларига яраша жазоларини олдилар.