Жамият | 22:40 / 25.06.2016
9887
2 дақиқада ўқилади

Қўлбола ясалган жувоз орқали истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқарганлар жиноий жавобгарликка тортилди

Фуқаро Ботир Мамажонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам содир этган жинояти учун амнистия актига асосан жазодан озод этилган эди. Бироқ у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан яна жиноят йўлига кирди. У хонадонининг қурилиши тугалланмаган хонасига қўлбола усулда ясалган жувоз ўрнатиб, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб чигитдан истеъмол учун яроқсиз бўлган ёғ маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

Тадбир давомида Ботир Мамажоновнинг хонадонидан 470 минг сўмлик жувоз ускунаси, 360 минг сўмлик техник ускуна, 720 минг сўмлик 150 литр жувоз ёғи, 30 килограмм кунжара ва 70 килограмм чигит холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Худди шундайларнинг сирасига Валибек Исирбековни ҳам киритишимиз мумкин. У ҳам ўз хонадонида қўлбола ясалган жувоз ускунасини ўрнатиб, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, истеъмол учун яроқсиз бўлган пахта ёғини ишлаб чиқариш билан шуғулланаётганлиги аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан тегишли жазо тайинланди.