Андижонда матбуотчилар куни нишонланди
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халққа етказиш, янгиланиш, бунёдкорлик борасидаги ишларни кенг ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимларининг муносиб ҳиссалари бор.
Эртага, 27 июнь куни Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб байрамларини нишонлайди.
Андижонда ушбу сана олдидан бир қатор тадбирлар ўтказилди. Байрам арафасида ўқув юртлари ва жамоат ташкилотларида таниқли ёзувчи ва журналистлар учрашувлар, давра суҳбатлари, соҳа ходимлари ўртасида спортнинг теннис ва футбол тури бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Анджон вилояти матбуотида мустақиллик йилларида катта ўзгаришлар амалга оширилди. 1991 йилгача вилоятда 18та газета чоп этилар эди. Ҳозирда уларнинг сони 40тага етган.
Босма нашрлар сифатини оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили “Андижон нашриёт-матбаа” жамиятига 280 минг доллар қийматидаги замонавий дастгоҳ келтирилиб, ишга туширилди. Андижонда бугунги кунда 3та телерадиокомпания ишлаб турибди. Улар сафига “Дийдор” мустақил тижорат радиоси ҳам қўшилди.
Кейинги 11 йил ичида андижонлик 11 нафар журналист “Олтин қалам” миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловнинг ғолиб ва совриндори бўлди.
26 июнь куни Андижон шаҳрида байрам муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Матбуотчиларни табриклаш учун сўз олган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов йиғилганларни қутлаб, ўз касбини сидқидилдан ардоқлаб келаётган бир гуруҳ журналист, матбаа ходимлари ва матбуот тарқатувчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқларини топширди.
Матбуотчилар ёзилган тўкин дастурхон устида суҳбатлашиб ҳордиқ чиқаришди. Вилоятнинг таниқли санъаткорлари томонидан айтилган шўх қўшиқлар даврага файз киритди.
Элмурод Эрматов, Андижондан “Kun.uz” сайти учун махсус тайёрлади