Спорт | 01:03 / 26.06.2016
10082
1 дақиқада ўқилади

Теннисчи Мария Шарапова Гарвард бизнес мактабига ўқишга кирди

Россиялик теннисчи Мария Шарапова Гарвард университетининг бир қисми ҳисобланадиган Гарвард бизнес мактабига ўқишга кирди. У бу ҳақда твиттердаги саҳифасида маълум қилди.

Шарапова ижтимоий тармоқда университетдаги суратини жойлаштириб, унга "Билмайман, бу қандай юз берди, бироқ Гарвард салом! Ўқишни бошлашимни сабрсизлик билан кутмоқдаман" деб изоҳ қолдирди.

Гарвард университети АҚШдаги энг ёши улуғ олий таълим муассасаси ҳисобланади. Май ойида университет Times Higher Education британ нашри талқини бўйича дунёнинг энг нуфузли ва обрўли университетлар рейтингида кетма-кет 6 маротаба 1-ўрин эгаллади. 

Халқаро теннис федерацияси 8 июнда Шараповани мельдоний қабул қилгани учун 2 йилга теннисдан четлатди. Шу тариқа Мария Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларини ўтказиб юборади. 29 ёшли теннисчининг ўзи Лозаннадаги Спорт арбитраж судига арзнома берган. Суд бу иш бўйича қарорни 18 июлгача чиқаради.