Исландиялик мухлис Англияга қарши ўйинга бориш учун «Боинг»ни ижарага олди
Бугун, Тошкент вақти билан соат 23:55да Европа чемпионати 1/8 финалидан ўрин олган Англия ҳамда Исландия терма жамоалари ўртасидаги ўйинга Исландиядан етиб келиш учун мухлислардан бири «Боинг-737» самолётини ижарага олган.
Исландия терма жамоаси мухлиси Гретар Сигурдарсон Англияга қарши ўйинга тушиш учун "Люксэйр" авиакомпаниясига тегишли самолётни 140 минг фунт эвазига ижарага олган. У 180та чиптанинг барчасини сотиб олган. У ўзи билан Францияга учишни истаганларга самолётдан ўрин таклиф қилган. Бунинг учун 750 фунтдан тўлаш шарти қўйилган.
Учоқ ўйин тугаши билан яна Исландияга қайтади.
Исландия терма жамоаси гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтгани Исландиядаги мухлисларни "ақлдан оздираётгани" айтилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Англияга қарши ўйинга 26 июнь куни Исландиянинг янги президентига айланган Гудни Йоханессон ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. Ниццада кечадиган бу ўйин учун 8 минг нафардан ортиқ исландиялик чипта сотиб олган.
Манба: Tribuna.uz