Манба: Мамаевнинг қоши Слуцкийни ҳимоя қилган Широков томонидан ёрилган
Россия терма жамоаси яримҳимоячиларидан бири Павел Мамаевнинг Евро-2016 турнири вақтида қоши ёрилиши тренажёрдаги кўнгилсиз ҳодиса туфайли эмас, терма жамоанинг бошқа бир футболчиси Роман Широков туширган мушт билан боғлиқ. Широков Мамаевни Словакияга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин терма жамоа бош мураббийи Леонид Слуцкийни ҳимоя қилиб урган.
Манбанинг воқеа гувоҳларидан бирига асосланиб хабар қилишича, Россия 15 июнь куни Словакиядан 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрагач, кийим алмаштириш хонасида Мамаев ўзининг бу ўйинда мураббий томонидан фақат иккинчи бўлимдагина туширилганига узоқ вақт давомида эътирозларини билдирган. У футболчиларни ҳам танқид қилган.
"Словакия билан ўйиндан кейин Мамаев кийим алмаштириш хонасида жиғибийрон бўла бошлади. У Слуцкий ўзини ўйин бошидан туширмагани учун асабийлашиб, сўкинди: «Ўлик словаклар. Улар билан дуранг ўйнашимиз ҳам уят. Агар мураббий манавини (Нойштедтерни кўрсатган) яна майдонга туширса, шундай бўлаверади».
Мураббий эса уни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, жамоа аъзоларидан узр сўрашни таклиф қилган.
Бу жараён кейинги куни ҳам, машғулот арафасида давом этган ва футболчи мураббийни ҳақорат қилишга ўтган. У тренажёр залида Слуцкийнинг ўзини бир вақтлар адолатсизлик билан ЦСКА жамоасининг асосий таркибидан чиқариб юборганини эслаб ўтган ва "Сен аслида ҳеч кимсан" деган.
"Шу вақтда Широковнинг асаблари дош бермади. У Павелнинг олдига учиб келди ва унинг бошига зарба берди. ЦСКА футболчилари Мамаевни қуршаб олишди ва у шундай сўзларни айтишда давом этса, яна калтак ейиши мумкинлигини уқтиришди", деган гувоҳ.
Шундан кейинги машғулотда Мамаев иштирок этмаган. Унинг тренажёр залида қошини уриб олгани айтилган.
Мураббий Уэльсга қарши ўйинда Мамаевни асосий таркибда туширган.
"Агар шунчалик зўр бўлсанг, ўзингни майдонда кўрсат", деган Слуцкий.
Терма жамоа аъзолари Слуцкийнинг бу қароридан шокка тушишган.
Учрашув россияликларнинг 0:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди. Мамаев ўйин давомида деярли кўринмади. У ўйиндан кейиноқ терма жамоа қароргоҳини тарк этган ва Ниццага таътилни ўтказиш учун йўл олган. У ўз инстаграмида жамоанинг "бори шу" экани ҳақида ёзиб, "мухлислар сассиқ изоҳлар қолдиришни бошлаши мумкинлиги"ни қўшимча қилган.
«Спорт-Экспресс» нашрига берган интервьюсида Россия терма жамоси шифокори Эдуард Безуглов футболчилар ўртасида муштлашув бўлганидан бехабарлигини айтган ва Мамаев тренажёр залида қошини уриб олганини таъкидлаган.
Мамаевнинг «Краснодар»даги жамоадоши, исландиялик Рагнар Сигурдссон «Р-Спорт» нашрига берган интервьюсида футболчи терма жамоа ичидаги зиддият туфайли жароҳатланиши мумкинлигидан ҳайратдалигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоаси Европа чемпионатининг В гуруҳида охирги ўринни эгаллаб, муддатидан аввал уйга қайтди. 1-турда Англия билан учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Кейинги 2 турда Словакия (1:2) ва Уэльсдан (0:3) мағлуб бўлинди.
Манба: Tribuna.uz