Жаҳон | 01:26 / 27.06.2016
5015
1 дақиқада ўқилади

ОАВ Британиянинг ЕИдан чиқиши бўйича қайта референдум ўтказиш илтимосномасида имзолар қалбакилаштирилганидан хабар топди

Буюк Британияда илтимосномаларни мамлакат фуқаролари имзолаш ҳуқуқига эгалигига  қарамасдан, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида аъзолиги бўйича қайта референдум ўтказиш чақириғига бутун дунё давлатлари фуқаролари имзо чекишгани маълум бўлди, деб хабар бермоқда The Guardian нашри.

Нашрнинг маълумотларига кўра, илтимосномага Исландия, Кайман ороллари, Тунис ва бошқа давлатлар фуқаролари имзо чеккан. Баъзи ҳолларда эса баъзи давлатлардан берилган овозлар миқдори бу давлатлар аҳолисидан бир неча маротаба кўпроқни ташкил қилган. 

Мисол учун, қайта референдум ўтказиш талабига Ватикан резидентлари 39 минг имзо қўйган, ваҳоланки бу митти давлатнинг аҳолиси бор-йўғи 800 кишини ташкил қилади.

Британия қуйи палатасининг илтимосномалар бўйича қўмитаси томонидан имзолар билан боғлиқ 77 мингта фирибгарлик ҳолати қайд қилинган, уларнинг барчаси ўчирилади.

Парламентчиларнинг фикрича, бу муаммони ҳал қилишнинг йўлларидан бири илтимосномага имзо чекмоқчи бўлганлар шахсини идентификация қилишдир.