Спорт | 16:15 / 27.06.2016
6225
2 дақиқада ўқилади

Ҳожсон Руни ва Варди ўртасида Ребека Варди туфайли муаммо юзага келгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди

Англия терма жамоаси бош мураббийи Рой Ҳожсон жамоа ҳужумчилари Уэйн Руни ва Жейми Варди ўртасида муаммо борлиги ҳақидаги гап-сўзларни инкор қилди.

«Мен сиз нима деяётганингизни яхши тушунмаяпман. Руни ва Варди ўртасида ростдан ҳам ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Аксинча, улар майдонда ҳам, ҳаётда ҳам яқин дўст.

Сиз гапираётган нарсани тасаввур ҳам қила олмаяпман. Мен Уэйн бу хабарларга ортиқча эътибор қаратмаслигини истардим. Ахир бу шунчаки беадаб тарих. Бу хабарларга муносабат билдириб, уни янада ёйиш шарт эмас. Бу гаплар биз учун қизиқ эмас», – деган Ҳожсон.

The Independent нашри маълумотига кўра, Руни Варди билан унинг рафиқаси, айни вақтда мухлислар қаторида Францияга келган Ребеканинг ОАВга терма жамоа ичкарисидаги маълумотларни сиздириб чиқараётгани бўйича гаплашган. Нашрда ёзилишича, Руни Ребеканинг ижтимоий тармоқлардан камроқ фойдаланишини сўраган.

Манба: Tribuna.uz