Трамп: оммавий муҳожирлик ЕИни йўқ қилиши мумкин
Европага оммавий кўчиб келишлар, нафақат ЕИ парчаланишига, балки яқин 10 йилда қитъани таниб бўлмас аҳволга келтириши мумкин. Америкалик миллиардер Дональд Трамп Британиянинг The Times нашрига берган интервьюсида шундай фикрларни билдирган.
"Ўйлашимча, ЕИ парчаланади, - деган сиёсатчи. - Албатта, муҳожирлар билан боғлиқ муаммо бўлмаганида бундай фикрларни билдирмаган бўлардим. Бироқ, одамларнинг жонига теккани боис, мана кўрасиз, бошқа мамлакатлар ҳам Британиядан ўрнак олади".
"Мен қочқинларга ёрдам кўрсатардим, аммо уларни киритмаган бўлардим", деган Дональд Трамп.
У, шунингдек, Шотландиянинг Бирлашган Қироллик таркибидан чиқиши эҳтимолига оид хабарларга ҳам муносабатини билдирган. Унинг фикрича, расмий Эдинбург бу масалада "эҳтиёткорлик қилгани маъқул".
Трамп, Америка президентлигига сайлангудек бўлса, Британиянинг барча мамлакатлари билан дўстона муносабатда бўлишини ҳа таъкидлаган.