Туркия ва Исроил муносабатларни тартибга солиш бўйича келишувга эришди
Туркия ва Исроил ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди ва келишувга эришди. Бу ҳақда Туркия бош вазири Биноли Йилдиримга асосланиб «ТАСС» хабар берган.
"Муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишув тасдиқланди. Шундай экан, муносабатларнинг тикланиш жараёни бошланади. Сешанба куни келишувга Туркия ТИВ раҳбари имзо чекади. Шундан сўнг ҳужжат тасдиқдан ўтказиш учун ҳукумат ва парламентга юборилади", деган у.
Йилдиримнинг сўзларига кўра, икки давлатнинг Ташқи ишлар вазирлари ҳужжатни имзолашганидан кейин, махсус вакиллар тайинланади.
"Бу яқин бир неча ҳафта ичида рўй беради. Бу вазифага энг ишончли кишилар тайинланади", деган вазир.
NTV телеканали Исроил делегациясидаги манбасига асосланиб хабар қилишича, ушбу келишув 2010 йили Исроил махсус бўлинмаси томонидан Туркияга қарашли «Мави Мармара» паромининг қўлга олиниши чоғида ҳалок бўлганлар учун Исроил томонидан 20 миллион доллар товон тўланишини кўзда тутади. Шунингдек, Туркия бу келишув асосида Ғазода электр станцияси ва сувни тозалаш иншоотлари қуради.