Ўзбекистонда сўнгги беш йилда 32 минг гектар майдонда интенсив мевали боғ яратилди
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида “Халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзуида анжуман ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олимлари мева ва узумнинг 40 дан ортиқ серҳосил навини яратди. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционерлари ҳар хил муддатда пишадиган ҳосилдор, юқори сифатли ҳамда касалликларга чидамли сабзавот экинларининг 41, полизнинг 5, картошканинг 6 янги навини кашф этди.
Кейинги уч йилда 23,5 минг гектар янги токзорлар барпо этилиб, 17,4 минг гектар ҳосилдорлиги паст токзорлар реконструкция қилинган. Охирги беш йилда замонавий агротехнологиялар асосида 32 минг гектар майдонда интенсив мевали боғ яратилган.
Хусусан, 2015 йилда 1991 йилга нисбатан боғдорчиликда қарийб 3,3, узумчиликда 2,5, сабзавотчиликда 1,4, полизчиликда 1,8 ва картошкачиликда 2,6 баробар ўсишга эришилди.
Тадбирда аҳолини арзон, сифатли, экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари билан янада тўлиқ таъминлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар хусусида маълумот берилди.