Жанубий Корея КХДРнинг тўғонни очиб, сув тошқини юзага келтиришидан чўчимоқда
Жанубий Корея КХДРнинг Имжинган дарёси юқори қисмидаги тўғонни очиб, сув тошқини юзага келтиришидан чўчимоқда. Бу ҳақида Жанубий Кореянинг Рёнхап агентлиги хабар берди.
"Бизнинг қуролли кучларимиз тегишли маълумотларни йиғиб, манфаатдор давлат идоралари билан узвий ҳамкорликни давом эттиришмоқда", - дея Корея Республикаси Мудофаа вазирлиги вакили Мун Сан Гюннинг сўзларини келтиради агентлик.
"Биз маҳаллий ҳукуматлар билан бирга аҳоли хавфсизлигига оид мажбуриятларимизни бажаряпмиз, шунингдек сув ресурслари билан шуғулланувчи компанияларни бу борада огоҳлантирдик", - дея изоҳ берди мамлакатнинг Мудофаа вазирлиги вакили. Унинг сўзларига кўра, Жанубий Корея қуролли кучлари зарурат туғилса, керакли ёрдам кўрсатишга тайёр.
Жорий йилнинг май ойидан Хванган тўғонида КХДРни Жанубий Кореядан ажратиб турувчи фуқаролик зонасидан 40 километр шимолда сувнинг юқори даражаси қайд этилган. Тўғон очиб юборилса, сув 40 дақиқа ичида Имжинган дарёсининг жанубий қисмидаги Куннам дамбасига етиб боради.
Агентликнинг таъкидлашича, 16-17 май кунлари Шимолий Корея Хванган тўғонидан қисман сув қўйиб юборган ва бу дарё сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлган. Бироқ, Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги вакилининг айтишича, бу ҳаракатлар КХДР томонидан уюштирилган "сув зарбаси" сифатида баҳоланиши учун етарлича асос бўла олмайди.
фото:© РИА