Спорт | 04:43 / 28.06.2016
4936
1 дақиқада ўқилади

Англия терма жамоасига Гарет Саутгейт янги бош мураббий бўлиши мумкин

Европа чемпионатидаги муваффақиятсизликдан кейин Англия терма жамоаси бош мураббийлигини тарк этган Рой Ҳожсоннинг ўрнига номзодлар номи айтила бошланди.

68 ёшли Ҳожсон Исландияга қарши ўйиндан кейин Англия футбол ассоциациясига ўз истеъфоси ҳақида маълум қилди.

Унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодлар орасида Гарет Саутгейт номи биринчи бўлиб тилга олинмоқда.

Айни вақтда 45 ёшда бўлган Саутгейт деярли 10 йил давомида Англия терма жамоаси сафида ўйнаган. У 1996 йилги Европа чемпионатида жамоа билан бронза медалларга эга чиққанди.

2006 йилдан 2009 йилгача «Мидлсбро» жамоасида ишлаган Саутгейт айни дамда Англия ёшлар терма жамоасида бош мураббий ҳисобланади.

Шунингдек, Эдди Хау ("Борнмут" бош мураббийи), Арсен Венгер ("Арсенал") ва Алан Пардью ("Кристал Пелас") каби мутахассислар ҳам номзодлар қаторида.

Манба: Tribuna.uz