Блогер мулоҳазаси: Ботқоқда қотган футбол
…кимники қўлга ўргатсанг, унинг тақдири учун жавобгарсан. (“Кичкина шаҳзода”дан)
Одамнинг нимагадир қаттиқ ўрганиб қолиши нимадан дарак беради? Моддиятга эмас, масалан, кино кўришга, мусиқа эшитишга, ҳар кеча кўчада сайр қилишга.
Бу унда юрак бор эканидан далолат беради. Юрак уриб турсагина одам нимагадир ўрганиб қолади, усиз ҳаётини тасаввур қилолмайди. Ўрганиб қолгани ҳар доимгидек бўлмаса, жабрланади. Азоб чекади.
Бир отахонни эшитганман. У узоқ ўлкаларда тақдир изми билан қолиб кетади. Ўлим фариштаси умрининг поёнига етганини “расмийлаштириш” учун келганида ҳадеганда жони чиқавермайди. У ёшлигидаги ўриклар кўп бўладиган боғни қўмсайди. Ўрик гулининг ҳидидан маст бўлишни хоҳлайди. Бу вақт айни баҳор палласи бўлади ва фарзандлар уни ўша боққа олиб боришади. Отахон ўрик гулининг ҳидини туяди-да…
Юқорида айтилган “ўрганиб қолиш мумкин бўлган нимарсалар” қаторига футболни ҳам қўшса бўлади. Ўйинларни шунчаки томоша қилиш эмас, борлиқни унутиб, футболнинг ичига кириб кетиш.
Шахсан мен учун футбол ва Англия футболи деган тушунчалар бутунлай бошқача маънони англатади. Футболни яхши кўриш мумкин, лекин Англия футболини яхши кўрганчалик эмас. Ҳеч қаерда футболни у ердагидай яхши кўришмайди. Мамлакат аҳолисининг деярли ярми режаларини премьер лига ўйинларига қараб белгилайди. Миллионлаб кишилар мавсум якунланганида ўзларини ёмон ҳис қилиб қолишади. Улар учун футбол ҳаётнинг ажралмас бўлаги.
Лекин шундай футбол мамлакатлари ҳам борки, футбол раҳбарларга ёлчимаган. Худди биздаги каби. Уларда ҳам битта ўртоқлик ўйинини эплаб ўтказа олишмайдими, дейсизми? Йўқ, улар учун бу ишлар муаммо эмас. Яна бир тахмин шундайдир: “Ёки уларда ҳам чемпионат ўйинлари шармандаларча келишилаётганда, федерациядагилар кўзини лўқ қилиб “Бўлса исботлаб беринглар” дейдими?
Йўқ. Ягона ўхшашлик шундаки, уларда ҳам, бизда ҳам футбол раҳбарлари мухлисларнинг фикрларига очиқчасига тупуради. Намойишкорона тарзда тупуришади. Ҳар қандай қарорга кўнишга мажбур этиб, тупирилади.
Бундай таркиб, бундай авлод, бундай мухлислар билан ҳар қандай ўртача даражадаги мураббий ҳам камида ярим финалга чиқарди. Имкони йўқ бундай жамоа билан аллақандай, Гари Линекер таъбири билан айтганда “Футболчиларидан кўра вулқонлари кўп бўлган” Исландияга енгилишнинг. Исландлардаги хоҳиш, мухлислар кўмаги ҳақидаги эртакни бас қилинг, илтимос. Италия, Германия каби жамоалар “сочиб ташлайди” бундай хоҳиш-истакка қурилган жамоаларни. Кеча шунчаки Англия ёмон ўйнади, жуда-жуда ёмон ўйнади. Ишониш қийин, Деле Алли, Ҳарри Кэйн ўртача даражадаги футболчилардай кўринди. Ҳарт биринчи марта футбол ўйнаётгандай. Гаров ўйнаш мумкин, кеча мана шу футболчилар ҳеч қандай мураббийисиз, ўзлари бир чеккада йиғилиб, қандай ўйнаш керак эканини ўйлаб олишганда ва майдонга тахминий тактика билан тушишганда Исландияни янчиб ташлашар эди. Шубҳа йўқ бунга. Лекин улар мажбур эдилар - мураббийнинг танлаган аҳмоқона тактикаси асосида ўйнашга. Стерлингнинг ўйинларига чидашга мажбур эди бутун Англия.
Бу мағлубиятда Ҳожсонни айблашдан йироқман. У ҳам ўз ишини қилди. Мураббий этиб тайинлаб қўйишдан кейин нима қилсин у ҳам. “Фулҳэм”да нималар қилганини эслайсизми? Шу сабаб унинг бу “провал”да ҳеч қандай айби йўқ. Ҳамма айб Англия футбол иттифоқида! Улар танлашади мураббийни.
Футбол ўзгариб бормоқда, мураббийлар ҳам шунга қараб ўзгариши керак. Ҳозирги Англияда музаффарлик ҳавосидан сармаст бўлган ягона футболчи – Жейми Варди! Уни қандай қилиб захирада димиқтириб олиб ўтириш мумкин? Стерлинг қанақасига асосий таркибда тушмоқда? Милнер нима учун келган терма жамоа билан? Рэшфорд кеча беш дақиқа ўйнаб ҳаммадан зўр бўлди инглизлар сафида. Уни нима учун иккинчи бўлим аввалида туширишмади? Бутун бошли Англияда Смоллингдан бошқа ҳимоячи қуриб қолганми? Миллионлаб мана шундай саволларга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Шукрки, мағлубиятдан кейин инглиз футболи раҳбарлари ёшроқ мураббий излаб қолишди. Кеч бўлса ҳам инсоф бергани рост бўлсин. Ишқилиб, Евродан кейин Ҳарри Рэднапп мураббий бўлмасайди, деб турибди мухлислар.
Кечаги ҳолатни диктатурага ўхшатиш мумкин. Футболчилар ўзгача ўйин қилишни хоҳлашади, лекин уларни мажбурлашади бошқача ўйнашга. Инглизлар сафида барча қобиқларни ёриб чиқадиган даражадаги қатъиятли футболчи кўринмади. Керак бўлса мураббийга ҳам тик қараб ўйинни ўзгартириб юборадиган футболчи керак эди. Рунидан шундай ўйин кутилганди, лекин у ҳам қариди. Тўғрисини тан олиш керак, қарибди Руни.
Даҳшат. Ҳаммасини шунчаки оддий тасвирлаётганимдан ўзим ҳам ҳайронман. Тўғриси, кеча инглизлар бутун бошли тарихга дахлдор хатога йўл қўйишди. Улар “футболимиз фақат бизга тегишли, хоҳлаганимизни қиламиз”, деб ҳисоблашса, хато қилишади. Деле Алли, Ҳарри Кэйн каби ўсиб келаётган юлдузлар бутун дунёдаги мухлисларнинг ёқимтойи. Уларни ҳамма яхши кўради. Бундай юлдузлар бунақа мағлубиятга муносиб эмас.
Алан Ширернинг гаплари одамни бироз бўлса ҳам юпатади. У бош мураббийликни керак бўлса талаб қилиб олмоқчи.
Юқорида “Кичкина шаҳзода”дан парча келтирилган эди. Бежизга эмас. Англия футболи бутун дунёдаги футбол мухлисларини ўзига ёмон ўргатди. Маҳаллий мухлисларнику қўяверинг. Бутун Англия кечаги тунни азобда ўтказгани аниқ.
“Кечаси билан ухлай олмадим. Эрталаб уйғондимда, спортзалга югурдим. Янги мавсумга тайёрланиш учун”,- дейди Жон Терри. У ҳозир термага қайтишга ҳам тайёр. Англия футболи расмийлари нимадир қилиши керак. Етар энди шунча омадсиз мусобақалар. Охирги марта жамоа 1996 йилги Европа чемпионатида бронза медални қўлга киритган. Ўшандан кейин фақат гуруҳ ёки плей-оффнинг дастлабки босқичлари. Қиролича ҳазрати олиялари футбол тарихида йирик турнирларнинг плей-офф босқичларида атиги бир марта ғалабага эришган.
Англия футболи жонкуярларининг кеча қабул қилиб олган жароҳатига битта малҳам бор – АПЛ. Премьер лига тезроқ бошлансайди…
Манба: Tribuna.uz
Изоҳ: Постнинг ишчи сарлавҳаси - "Диктатура". Таҳририят муаллиф розилиги билан сарлавҳани ўзгартирди