Фан-техника | 19:12 / 28.06.2016
9532
2 дақиқада ўқилади

Ikea болалар ўлими туфайли миллионлаб шкафларини қайтариб олмоқда

Швециянинг Ikea компанияси уч нафар боланинг ўлими туфайли ўз комодлар сериясини қайтариб олмоқда. Бу фақат MALM серияли шкафларга тегишли, дея хабар қилади NBC телеканали.  

Компания бу сериядаги шкафларни ишлаб чиқариш билан бирга унинг сотувини ҳам буткул тўхтатади. MALM шкаф ва комодлари Ikea сайтидан олиб ташланган. 

Бундай шкафларни сотиб олган миллионлаб кишиларга пуллари қайтарилади ёки компания дўконларида янги харидни амалга ошириш учун кредит тақдим этилади.

Ikea'нинг мурожаатида шкафларни қайтариб олишга бир неча боланинг ҳалокатли ўлими сабаб сифатида келтирилган. Компания уларнинг мижозлари хонадонларида хавфсиз бўлмаган мебель мавжудлиги ҳамда Ikea бу хатосини тўғирламоқчи экани ҳақида маълум қилган. 

Компания 2014 йилдан буён уч нафар бола комоднинг ағдарилиши ва босиб қолиши натижасида ҳалок бўлганини тасдиқлади. Шкаф қулаши натижасида бир ёшдан икки ёшгача бўлган болалар ҳаётдан кўз юмган. Бундан ташқари, яна ўнлаб болага жароҳат етгани тўғрисида мурожаатлар бўлган. 

Хавфли комодлар 10 йилдан ортиқ вақт сотилган. Улар паст баҳоси туфайли мижозлар орасида танилган эди. Philly.com маълумотига кўра, 2015 йилда таъмирлаш дастурига тушган 29 миллион мебель маҳсулоти қайтариб олинади.