Light | 18:40 / 28.06.2016
21188
3 дақиқада ўқилади

Муаллим бировнинг устидан кулиш нимага олиб келишини болаларга тушунтиришнинг ажойиб йўлини топди

Бугун мен дарсларга иккита чиройли қизил олма билан келдим. Болалар буни кўришмади, олмалардан бирини қайта-қайта полга отдим, кўринишидан иккала олма ҳам бир хил эди. 

Мен полга ташланган олмани қўлимга олиб, унинг нақадар хунуклиги - қийшиқлиги, рангининг совуқлиги ҳақида гапира бошладим. Кейин болалардан менга қўшилиб, олмани ёмонлашни сўрадим. Уни ҳар нима деб ҳақорат қилдик: "Сассиқ олма", "Сени ким ҳам егиси келарди" ва ҳ.к. 

Иккинчи олмани қўлимга олдим ва уни мақтай бошладик: "Сен ажойиб олмасан", "Сенинг пўчоғинг ҳам ҳавас қилгудек", "Рангинг нақадар чиройли" ва ҳ.к.

Шундан сўнг болаларга иккала олмани ҳам кўрсатдим - уларни ташқи кўринишидан ажратиб бўлмасди. Бироқ мен пичоқ билан иккала мевани икки бўлакка ажратдим: бирининг ичи текис, чиройли; ёмон сўзлар билан ҳақорат қилинган иккинчи олманинг ичи эса доғларга тўла эди. 

Ўйлашимча, шу пайт болаларнинг миясида бирданига "чироқлар ёқилган".

Ҳаётда ҳам худди шундай: инсонларни ҳақорат қилиб, уларга ёмон гаплар гапирсак, уларнинг қалбига оғриқ ва озор етказамиз - худди олмадаги доғлар каби. Кўп инсонлар ана шундай адолатсизликка дуч келиб, кўнгилларидан нималар ўтаётганини кўрсатишмайди. Инсон ташқи кўринишидан бахтли ва қувноқ бўлиши мумкин, бироқ ичида кимлардир берган озор туфайли жуда кўп оғриқлари бўлади. 

Бизда буни тўғрилаш имкони бор. Биз ўз фарзандларимизга қабиҳ ва озор етказувчи сўзларнинг қандай зарар етказишини кўрсатиб бера оламиз. Биз фарзандларимизга бир-бирини ҳимоя қилишни, меҳрли бўлишни ўргата оламиз. Сўз билан уриб бўлмас, эҳтимол, бироқ у билан юракни жароҳатлаш осон. Шундай экан, гапираётган гапингизни ўйлаб гапиринг ва бировнинг дилига озор етказманг! Фарзандларингизга ҳам шуни ўргатинг!