Жамият | 14:04 / 28.06.2016
10896
2 дақиқада ўқилади

Тақиқлаган видеолавҳаларни Ўзбекистонга олиб кирган шахс жиноий жавобгарлика тортилди

Қобил Ноибов (исм-фамлиялар ўзгартирилган) Россия Федерациясига пул ишлаб топиш учун борган эди. Санкт-Петербург шаҳрида “Семья” дўконида ишчи бўлиб ишлаш билан бир қаторда, уяли телефонларни созлаш, таъмирлаш ишлари билан ҳам шуғулланиб келди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

У қўл телефонини кўриб қўйиш таклифи билан келган доғистонлик нотаниш киши билан танишиб қолди. МТС 970 русумдаги телефонни тузатиш лозимлигини эшитганда меҳнат ҳақи 1800 рубль бўлишини айтди.

Орадан бир ҳафталарча вақт ўтиб, телефон эгаси телефонини атиги 150 рублга сотмоқчилигини айтди. Ишлатса бўладиган, туппа-тузук телефон-ку, деган хаёлда уни ўзи харид қилди.

2016 йил 13 март куни Қобил Ноибов Санкт-Петербургдан Бухорога учиб келганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини кўриб бироз эсанкиради. Чунки телефон хотирасида тақиқланган диний ҳамда порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлигини ва бу қонунга хилоф эканлигини у яхши билар эди.

Хавотирлари тўғри чиқди. Қобил Ноибов олиб ўтишга уринган телефон хотираси текширилганда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосасига кўра, телефондаги маълумотларда диний адоватни тарғиб этувчи ғоялар мавжудлиги, ушбу материалдаги файл террористик ташкилотларга тегишли эканлиги аниқланди.

Қонун ҳар қандай ғайриқонуний ҳолатга муросасиздир. Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди ҳукми билан айбли деб топилган Қ.Ноибовга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақнинг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шу тариқа Қ.Ноибовга арзоннинг иллати қимматга тушди.