Жаҳон | 22:34 / 28.06.2016
7677
2 дақиқада ўқилади

Туркия Су-24 учувчисининг ўлими учун унинг оиласи талаб этса, товон пули тўлайди

Россиялик марҳум учувчи Олег Пешковнинг оиласи аъзолари Туркиядан товон тўлашни талаб қилиб мурожаат қилса, бу масала Туркия томонидан кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Туркия президентининг матбуот хизмати раҳбари Иброҳим Қалин NTV телеканали орқали маълум қилди.

"Биз зарурат туғилса, Туркия президенти мактубида айтилгани каби "марҳумнинг оила аъзолари қайғусини енгиллатиш учун" шундай қадам ташлашга тайёрмиз. Агар бу оила вакиллари тегишли мурожаат билан чиқса, биз албатта буни инобатга оламиз ва бу масалага инсоний нуқта назардан қараймиз. Ҳозирча бизга бундай мурожаат келиб тушмаган", деган у.

Қалин Туркия президентининг Путинга йўллаган мактубида марҳум учувчининг оиласи учун аталган қисмида "узр" сўзи ишлатилганини қайд этган.

"Бу барча инсонларга хос ҳамдардлик сўзлари. Инсон ўлими билан тугаган воқеа учун президент марҳумнинг яқинларига таъзия билдирган. Бу Россия томонидан қабул қилингани бизни хурсанд қилди", деган Қалин.