Apple кинотеатрдаги томоша ва концерт вақтида iPhone камераларини ўчириб қўйишни режалаштирди
Apple корпорацияси таъқиқланган ерларда қурилма камераларини мажбурий ўчириб қўйишга имкон берувчи технологияни патентлади. Бу ҳақида 9to5mac портали хабар беради.
Мажбурий ўчирилиш инфрақизил сигнал ва маълумотлар талқини туфайли амалга ошиши мумкин. Нашрнинг қайд этишича, концертга ташриф буюрганлар айрим инсонларнинг саҳнани беркитиб қўювчи смартфонларидан ҳалос бўлишади.
Бундан ташқари, бу каби технология кинотеатрларда чиқаётган фильмларнинг қароқчи нусҳалари кўпайишига йўл қўймайди. Шунингдек, патентда таъкидланишича, сигналлар ўчирилишдан ташқари, музей каби жойларда қўшимча маълумотларни олишга ҳам ёрдам бериши мумкин.
«Инфрақизил ёритгич объектга яқин ерда жойлашган бўлиши ва объект ҳақидаги кодланган маълумотларга эга инфрақизил сигналларни ишлаб чиқариши мумкин. Электрон қурилма шундан сўнг инфрақизил сигналлларни қабул қилиб, хабарни кодлаши ва фойдаланувчи объекти ҳақида маълумотларни намойиш этиши мумкин бўлади», — дейилади патент аризаси матнида.