Бола 30 даража иссиқ остида машина салонида қолиб кетди, сўнгра...
Россиянинг Новосибирск вилоятидаги Марказий бозор сотувчилари қуёш тиғида турган машина ичидан ёш боланинг йиғлаётганига гувоҳ бўлишди ва уни қутқаргани шошилишди. Бу ҳақда ИИВ ББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Воқеа қоқ пешинда содир бўлган. Ўшанда ҳаво ҳарорати +30 кўрсатиб турган. Сотувчилар, аввало, “Мазда Демио” салонида йиғлаб турган болакайнинг овозини эшитишган. Унинг ёнида ота-онаси бўлмаган.
Одамлар йиғилиб, машина салони ичига разм солишганида унинг ичида иссиқдан қизариб кетган 1,5-2 яшар боланинг йиғлаб турганига гувоҳ бўлишган.
Бошида болани гап-сўз билан овутишга уринишган, аммо бу самара бермаган. Унга ойна орқали қувурча ёрдамида шарбат тутишган. Аммо машинани оча олишмаган. Унинг ойнасини синдирмоқчи бўлишган, бироқ бозор назоратчилари бунга рухсат бермаган. Шунда қаердандир икки йигит пайдо бўлган, машина эшикларини очган ва кўздан ғойиб бўлган.
Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, боланинг йиғлаётганини кўриб қолишганидан то уни машина салонидан тушириб олганларича, 40 дақиқа вақт ўтган. Аммо шунча вақт ўтсада унинг онаси кўриниш бермаган.
Орадан вақт ўтиб, унинг онаси бозор ичидан чиқиб келган ва бўлган воқеани тинглаган. Сўнгра ҳеч қандай ҳиссиётларсиз ўз боласини одамлар қўлидан олиб, машинага ўтириб, жўнаб кетган.