Жаҳон | 17:38 / 29.06.2016
4714
3 дақиқада ўқилади

Британия Меҳнат вазири бош вазир лавозими учун номзод бўлди

Буюк Британия меҳнат ва пенсия ишлари вазири Стивен Крабб ўзининг мамлакат бош вазирлиги учун ўтказиладиган сайловда номзод сифатида иштирок этишини тасдиқлади. У бу ҳақда махсус ташкил қилинган матбуот анжуманида маълум қилган.

"Мен Буюк Британиянинг ЕИдан чиқишини қўллаб-қувватлаган 17 миллион киши ишончини оқлайдиган ҳукуматни бошқаришни истайман. Референдумнинг биринчи галдаги мақсади Буюк Британияда миграция бўйича назоратни кучайтириш. Шу туфайли мен учун эркин ҳаракатланиш муҳимдир", деган у. 

Бундан олдинроқ британ нашрларида Крабб ўз номзодини Консерваторлар партиясидан кўрсатиши ҳақида хабарлар берилганди. Айни вақтда ҳукуматда консерваторлар кўпчиликни ташкил этади, шу туфайли Крабб улар орқали сайловда ғолиб чиққан тақдирда ўз постини мустаҳкамлашни мўлжаллаган. Сайлов учун номзодларни илгари суриш 30 июнга қадар давом этади. Ҳукуматнинг янги раҳбари номи 9 сентябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Британиялик сиёсатчиларнинг ҳисоблашича, мамлакатда бош вазирдан кейинги мақомда турувчи Молия вазири лавозимини айни вақтда Бизнес, инновациялар ва мутахассиларни саралаш ишлари бўйича вазир ҳисобланадиган Сажид Жавид эгаллайди.

Буюк Британияда 23 июнь куни мамлакатнинг Европа иттифоқини тарк этиши масалсида референдум ўтказилди. Унда Brexit тарафдорлари 51,9 фоизлик устунлик билан ғолиб чиқди. Англия ва Уэльс аҳолисининг катта қисми ЕИни тарк этиш учун овоз берган, Шимолий Ирландия ва Шотландияда ЕИда қолиш тарафдорлари кўпчиликни ташкил этган.

Референдум натижаларидан кейин ЕИда қолиш тарафдори бўлган бош вазир Дэвид Кэмерон лавозимини тарк этиши ҳақида маълум қилди.

Крабб ва Жавид ҳам Буюк Британиянинг ЕИда қолиши тарафдорлари ҳисобланишади.

Крабб ҳозиргача расман номзод бўлган илк сиёсатчи. Ундан ташқари, бош вазирлик учун ИИВ раҳбари Тереза Мэй, Лондоннинг собиқ мэри Борис Жонсон, Соғлиқни сақлаш ишлари вазири Жереми Ҳант ҳамда Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазири Лиам Фокс кабилар ҳам сайловда ўз номзодлари билан қатнашиши кутилмоқда.

Ғолиб чиқиш учун асосий даъвогарлар Жонсон ва Мэй ҳисобланади.