Дубайдаги корхона ҳар куни 3 минг ишчига бепул ифторлик тарқатмоқда
БААнинг йирик шаҳарларидан бири Дубайда Рамазон ойида хайрли иш амалга оширилмоқда. Danube Group номли бизнесга асосланган корхона ҳар куни уч минг нафар қурилиш ва оғир меҳнат шароитида фаолият юритадиган ишчиларга бепул ифторлик тарқатмоқда.
Бу хайрли ишни амалга ошириш учун махсус кўнгиллилар танлаб олинган. Улар Дубай, Шаржа, Қатар, Баҳрайн ва Уммон бўйлаб ҳар куни ифторлик тарқатишади. Ифторлик учун жўжа гўшти, арабча нон, сув ва ширинликлар тақдим этилади. Корхона Рамазон ойи якунига қадар 90 мингта ифторлик таомини тарқатишни ният қилган.
Ифторликларни тарқатадиган кўнгиллилар ўртасида ҳам ўзига хос танлов ўтказилади. Иккита ғолибга Ҳаж йўлланмаси тақдим этилади. Яна саккизта фаол кўнгиллига Умра сафарини адо этиш имконияти яратиб берилади. Бу эса уларнинг чин дилдан ишлашларига сабаб бўлади.
«Агар ҳамма одам битта бошқа одамга қандайдир ёрдам берганида дунёда ёмонлик бўлмас эди. Шунинг учун бундай ишдан завқ оламан», - дейди кўнгиллилардан бири Файзал Латиф.
«Ахир, бу ажойибку. Ҳар куни офисни ёпгандан кейин ифторликни етказиш учун югураман. Кўнгиллилар ичида ёшар ҳам қарилар ҳам эркаг-у аёлар ҳам бор. Бу иш одамни чарчатмайди», - дейди яна бир кўнгилли Асиф Манаир.