Ижтимоий сўровнома: Ўзбекистонликлар ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилганини ижобий баҳолашди
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 2016 йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунларини ўрганишга бағишланган экспресс-сўров ўтказди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Сўров натижалари шундан далолат берадики, Ўзбекистон фуқаролари Президент Ислом Каримовнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистоннинг раислиги давридаги фаолиятига юксак баҳо берган. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги мажлиси ушбу ташкилот тарихида ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида муҳим келишувларга эришилган саммит сифатида алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлаган.
Фуқароларнинг аксарияти (91,8 фоизи) саммитни кузатдингизми, деган саволга ҳа, деб жавоб берган.
Сўров халқимиз ўз мамлакати ва энг нуфузли ташкилотлардан бирига уч марта раислик қилган Президенти ҳамда унинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб бораётгани билан фахрланишини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг 100 фоизи шундай жавоб берган.
Фуқароларимиз Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиши тўғрисидаги масала ҳал этилганини ижобий баҳолайди.
Сўров якунларининг кўрсатишича, ўзбекистонликлар саммит натижаларидан тўла қониқиш ҳосил қилган. 98,2 фоиз иштирокчининг фикрича, ШҲТнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раисилигида ўтган Тошкент саммити ШҲТ Давлат раҳбарларига ташкилот доирасида кўп томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга доир муҳим масалаларни муҳокама қилиш билан бирга, бошқа минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш имконини берди.
Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги (92,4 фоизи) саммитда ШҲТни янада мустаҳкамлаш, унга аъзо давлатлар хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш бўйича эришилган келишувларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Сўровда иштирок этган 99,6 фоиз респондентнинг фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 15-юбилей мажлиси Тошкентда муваффақиятли ўтказилгани мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади.