ШҲТ бош котиби: Қозоғистоннинг БМТ ХК доимий бўлмаган аъзоси деб танланиши унинг нуфузини эътироф этишдир
Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларга БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий бўлмаган аъзоси деб сайланиши унинг нуфузи ва халқаро обрўсини, шунингдек мамлакатнинг дунё ҳамжамиятида катта роль ўйнашини тан олишдир. Бу ҳақида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бош котиби Рашид Алимов ТАСС агентлиги мухбирига маълум қилди.
"Мустақиллик йилларида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев халқаро ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган бир қатор стратегик муҳим ва ташқи сиёсий ташаббуслар билан чиқди, - дея таъкидлади ШҲТ бош котиби. - Қозоғистон президентининг Осиёдаги хавфсизлик масаласига янгича қараши Ҳамкорлик ва ишонч чораларига доир анжуманда (СВМДА) амалий тасдиғини топди".
Шунингдек у Қозоғистон етакчиси ташаббуси билан чақирилган дунё етакчилари ва анъанавий динлар съездининг муҳим ролини таъкидлади.
"Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига сайланиши республиканинг ШҲТга раислик қилишни бошлаши билан бир вақтга тўғри келиши рамзий маънога эга. Бу ШҲТга БМТ билан янада самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради", - дея таъкидлади ШҲТ бош котиби.
Қозоғистон 28 июнь куни илк марта Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси сифатида танланди. Бош Ассамблеяда мамлакатни 138 нафар БМТ аъзоси қўллаб-қувватлади, Таиланд эса 55 овозга эга бўлди. Қозоғистон 2017 йилнинг 1 январидан БМТ ХКда Малайзиянинг ўрнини эгаллайди.