Тошкентда “Тошкент ёзи – 2016” турнири бошланди
Тошкентда шахмат бўйича ўғил-қизлар ўртасида “Тошкент ёзи – 2016” турнири бошланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Юз элликка яқин ёш спортчи икки гуруҳда ғолиблик учун баҳслашмоқда.
Мусобақанинг “А” гуруҳида рейтинг очколарига эга шахматчилар ўз маҳоратини намойиш этмоқда. Дастлабки турда хоразмлик Мақсад Сапаев пойтахтлик Ҳумоюн Бегмуродовни, сурхондарёлик Иномжон Шоймуродов Тошкент вилоятидан Шаҳзода Шермуҳаммадовани, Тошкент вилояти вакили Нурилла Ўролов тошкентлик Асад Эгамбердиевни мағлубиятга учратди.
Ушбу гуруҳда яна ўн тўққиз шахматчи рақиблари устидан ғалаба қозонган бўлса, тўрт шахматчи ўзаро дуранг ўйнади.
Ўн тўрт ёшгача шахматчилардан иборат “Б” гуруҳида 43 шахматчи дастлабки партияни ўз фойдасига ҳал қилди. Хоразмлик Камронбек Отаев ва Тошкент вилоятидан Шоҳина Олимова, пойтахтлик Даниил Макагонов ва хоразмлик Гулруҳбегим Йўлдошева, фарғоналик Аҳадхон Кимсанбоев ва навоийлик Моҳинур Чориқулова ўзаро дуранг ўйнаб, 0,5 очкога эга бўлди.