АҚШда таниқли ёзувчи ва футуролог Элвин Тоффлер оламдан ўтди
Америкалик таниқли файласуф, социолог ва футуролог олим Элвин Тоффлер 88 ёшида ўзининг Лос-Анжелесдаги (Калифорния штати) уйида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида Toffler Associates консалтинг компанияси хабар қилди.
Постиндустриал жамият ҳақидаги мулоҳазалари баён этилган Future Shock номли китоби билан у бутун дунёга танилганди.
"Замонамизнинг энг ҳурматли футурологларидан бири, ҳукумат раҳбарлари ҳамда етакчи ишбилармонларга таъсир кўрсатган ғоялар муаллифи Элвин Тоффлер 27 июнь куни вафот этди. Унинг бизнес ҳамкори ҳамда турмуш ўртоғи Хейди Тоффлер 60 йилдан ортиқ вақт давомида доим бирга бўлди", - дейилади компания хабарида.
Тоффлер "глобал трендларнинг ўткир кузатувчиси ва башоратчиси" сифатида эътироф этилади. У Нью-Йорк штатидаги Университетни тугатиб, оила қурган ва 5 йил давомида журналист сифатида фаолият юритган.
Тоффлер давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва оила тузилмасининг барча оқибатларини олдиндан аниқ айтиб берган. Футуролог интернет, персонал компьютерлар, кабель телевидениеси ва ҳаттоки клонлаштиришни тўғри прогноз қилган.
У ўз ғояларини китобларда акс эттирган. Улардан энг машҳурлари "Учинчи тўлқин" (Third Wave, 1980) ва "Ҳукумат метаморфозалари" (Powershift, 1990).
Тоффлер ўзининг бир қатор футурологик прогнозлари билан кейинчалик ҳақ бўлиб чиққанди. У электрон почталар, телеконференциялар, онлайн чатлар ва бошқа янгиликларни олдиндан башорат қилган.
Унинг ғоялари тадбиркорлар ва олимларнинг кенг доирасига таъсир кўрсатган. Хусусан, Стив Жобс, Билл Гейтс ва AOL конгломерати асосчиси Стив Кейсга.